Журнал ҳақида

“Молия ва банк иши” электрон илмий журнали Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 11 октябрдаги 214-сонли “Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” қарорига мувофиқ ташкил этилган. “Молия ва банк иши” электрон илмий журнали таҳририяти муассиси бўлиб Ўзбекистон Республикаси Банк-­молия академияси ҳисобланади. Журнал Ўзбекистон Республикаси Банк­молия академиясининг Илмий Кенгаши 2014 йил 29 aвгустдаги 1-сонли қарорига мувофиқ таъсис этилган.

Ушбу электрон илмий журналда муаллифлар ўзларининг молия, банк иши, корпоратив менежмент ва молия, қимматли қоғозлар бозори, бухгалтерия ҳисоби, иқтисодий таҳлил ва аудит, инвестициялар ва инвестицион фаолият, солиқлар ва солиққа тортиш, суғурта иши, пенсия иши, макро ва микроиқтисодиёт, менежмент ва маркетинг, инновацион менежмент соҳасидаги муаммолар ечимларига қаратилган мақолаларини чоп этишлари мумкин.

Мақолалар ўз тавсифига кўра эмпирик тадқиқот, кейс-стади, адабиётлар таҳлили ва шарҳ, мета-анализ, назария, амалиёт, услубиёт, профессионал илмий тақриз ва шу каби бошқа илмий мазмундаги ишлардан иборат бўлиши кўзда тутилади. “Молия ва банк иши” журналининг асосий мақсади бўлиб, молия ва банк ҳамда юқорида таъкидлаб ўтилган бошқа соҳалардаги турли илмий мактаблар ва қарашларнинг мазмун-моҳияти, ривожланган хорижий мамлакатлардаги банк-молия тизимининг илғор тажрибаларини мамлакатда татбиқ этиш имкониятларига оид изланишлар натижаларини оммалаштириш; республиканинг етакчи олим ва мутахассислари, илмий тадқиқотчиларининг банк-молия, инвестициялар ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига оид илмий изланишлари натижаларини баён этувчи илмий мақолалари ва бошқа маълумотлари билан таништириб бориш; ёш олимлар, тадқиқотчи ва изланувчилар ҳамда магистрантларнинг банк-молия соҳасидаги илмий тадқиқот фаолиятига қизиқишларини янада кучайтириш ва бошқалар ҳисобланади.

Бу ўринда асосий эътибор маҳаллий ва халқаро даражада молия ва банк институтларига оид назарияларнинг яратилиши ва уларнинг амалиётга татбиқи, соҳадаги эмпирик, татбиқий ва ижтимоий-бошқарув тадқиқотлар натижаларини ёритишга қаратилади. “Молия ва банк иши” электрон илмий журнали молия институтлари, пул ва капитал бозорлари билан боғлиқ илмий тадқиқотлар учун асос яратиш орқали илмий жамоатчилик, миллий ва халқаро молиявий бошқарув ва операцион қарорлар қабул қилувчилар ўртасида ижодий муҳит яратишга хизмат қилади.