Таҳририят ҳақида

“Молия ва банк иши” электрон илмий журнали таҳририяти Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 11 октябрдаги 214-сонли “Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” қарорига мувофиқ ташкил этилган. Таҳририятнинг муассиси бўлиб Ўзбекистон Республикаси Банк­-молия академияси ҳисобланади.

Таҳририят “Молия ва банк иши” электрон илмий журнали фаолиятини амалга оширувчи, жумладан, унда эълон қилинадиган илмий мақола ва бошқа материалларни тўплаш, уларни таҳрир қилиш ва қайта ишлаш, электрон саҳифага жойлаштириш ва янгилаб бориш ҳамда бошқа ноширлик ишлари билан шуғулланувчи Академиянинг таркибий бўлими ҳисобланади.

Таҳририят ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари, жумладан, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуни, юқори турувчи вазирлик ва идораларнинг меъёрий ҳужжатлари, меҳнат тартибининг меъёр ва қоидалари, Академия Низоми, “Молия ва банк иши” электрон илмий журнали таҳририяти низоми, Академия ректорининг буйруқ ва фармойишлари, республикада электрон нашрлар фаолиятини тартибга солувчи бошқа меъёрий ҳужжатлар асосида амалга оширади.

Таҳририятнинг асосий мақсади бўлиб, Ўзбекистон Республикаси молия ва банк соҳасидаги турли илмий мактаблар ва қарашларнинг мазмун-моҳияти, ривожланган хорижий мамлакатлардаги банк-молия тизимининг илғор тажрибаларини мамлакатда татбиқ этиш имкониятларига оид изланишлар натижаларини оммалаштириш; республиканинг етакчи олим ва мутахассислари ҳамда илмий тадқиқотчиларининг банк-молия, инвестициялар ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига оид илмий изланишлари натижаларини баён этувчи илмий мақолалари ва бошқа маълумотлари билан таништириб бориш; ёш олимлар, тадқиқотчи ва изланувчилар ҳамда магистрантларнинг банк-молия соҳасидаги илмий тадқиқот фаолиятига қизиқишларини янада кучайтириш ва бошқалар ҳисобланади. Бу ўринда асосий эътибор маҳаллий ва халқаро даражада молия ва банк институтларига оид назарияларнинг яратилиши ва уларнинг амалиётга татбиқи, соҳадаги эмпирик, татбиқий ва ижтимоий-бошқарув тадқиқотлар натижаларини ёритишга қаратилади. Таҳририят ўзининг “Молия ва банк иши” электрон илмий журнали ёрдамида молия институтлари, пул ва капитал бозорлари билан боғлиқ илмий тадқиқотлар учун асос яратиш орқали илмий жамоатчилик, миллий ва халқаро молиявий бошқарув ва операцион қарорлар қабул қилувчилар ўртасида ижодий муҳит яратишга хизмат қилади.

Таҳририят фаолиятининг умумий раҳбарлигини Академия ректори Таҳририят Кенгашининг раиси сифатида амалга оширади. Таҳририят Кенгаши таҳририятнинг ҳар йиллик иш режасини ишлаб чиқади ва унинг бажарилиши бўйича Академия Илмий кенгаши олдида ҳисобот бериб боради.

Таҳририятнинг жорий иш фаолияти бош муҳаррир, бош муҳаррир ўринбосарлари, техник ходим ва веб-администратор томонидан амалга оширилади.  Бош муҳаррир таҳририят иши бўйича кўрсатма ва фармойишларни ишлаб чиқади ва фармойишларнинг бажарилиши бўйича назоратни Академиянинг илмий-услубий ишлар бўйича проректори олиб боради. Таҳририят фаолияти бўйича тўлиқ масъулият Бош муҳаррир зиммасига юклатилган.

“Молия ва банк иши” электрон илмий журнали таҳририяти ишчи гуруҳи аъзолари:

Таҳририят Кенгаши раиси: и.ф.д. А. Бекмуродов

Таҳририят Бош муҳаррири: и.ф.н. У. Ғафуров

Муҳаррирлар:

  • и.ф.д. Ф. Мирзаев
  • и.ф.н. Ш. Мустафақулов
  • и.ф.н. Б. Бердияров
  • и.ф.н. Н. Ризаев
  • и.ф.д. (PhD) А. Раимбаев
  • и.ф.д. (PhD) У. Ахунжонов
  • и.ф.д. (PhD) Ш. Актамов
  • Ж. Исмаилов
  • Н. Мурадуллаев
  • Ж. Негматов

Техник муҳаррир: Ж. Асрорзода

Веб-администратор: А. Маматов

Таҳририятнинг юридик манзили: Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Мовароуннаҳр кўчаси, 16­уй.

Таҳририятнинг веб-манзили: www.bfajournals.uz.